Бугун 8-март. Артофга ўзгача ифор таратаётган гуллар ёнида турибман-у ногоҳ уч йил аввалги воқеа ёдимга тушди…
Анчадан буюн йиғиб юрган пулларимни (аслида бу пулларнинг ҳаммасини онам берганлар) ҳисобладим-у дўконга кирдим. Бугун икки кишига совға олишим керак, онам ва Г исмли қизга. Байрам бўлганлиги учунми билмадим, нархлар анча баланд. Қўлимдаги пул фақатгина бир кишини хурсанд қиладиган совға олишгагина етар, мен эса кимга совға олишга ҳайрон бўлардим. Атрофдагиларни кузатардим, ҳамма назаримда ёқтирган қизига совға олаётгандек эди. Сотувчининг ёнига яқинлашганимда “Ёши нечада?” – деди кўзларимга тикилиб.
— Кимни? – дедим ҳайрон бўлиб.
— Кимни бўларди ёқтирганингизнида. Мийиғида кулиб қўйди.
— Ўн олтида.
У қўлимга юмшоққина айиқча тутказди. Иккала қўлининг орасида қип-қизил юракчаси бор.
— Истасангиз юракчага исмингизни ёзиб берамиз — деди сотувчи исмимни ёзишга шайланиб — ҳозир ҳамма шундай қиляпти. Менга маъқул тушди ва исмимни зарҳал ҳарфлар билан юракчага биттирдим. Чўнтагимдаги пул худди шу совға учун йиғиб юрилгандек теппа-тенг келди. Ортиб ҳам, етмай ҳам қолмади. Совғани олдим-у мактабга ошиқдим. Гоҳ-гоҳида қўлимдаги совғага қарайман. Исмим ёзилган юракча кўзимга бошқача кўринади. “Юрагим сеники!” — деганим бу Г га. Мактабга келдим-у синфдошларим орасида совғани унга тутдим. У жуда севинди. Мен янаям кўпроқ. Чунки мен туфайли унинг юзида табассум пайдо бўлди-да. Ғурурланиб кетдим ўзимча. Ўзгача бўлди бу кун менга. Дарсда қандай ўтирганимни ҳам билмайман. Иккила кўзим унда. Дарслар ҳам тугади. Шундагина энди уйга қайтишим, уйда эса мени кутаётган онамни ҳам байрам билан табриклашим кераклиги ёдимга тушди. Нима қилишимни билмай турган вақтимда мактабнинг иссиқхонасида очилиб турган икки дона атиргулга кўзим тушди. Шахт билан бордим-у гулларни “авайлаб” узиб олдим. Уйга келгач хона деразасидан ичкарига мўраладим. Онам кўзойнаги остидан менга қаради, қаради-ю севиниб кетди. Тиззасида менинг кўйлагим, игнани қўлига санчиб олди чамамда, бармоғини оҳиста тишлаб қўйди. Қўлимдаги гулларни тутдим-у байрам билан табрикладим. Онамнинг кўзларидаги шодлик аксидан ҳайрон қолдим. Г нинг шодлиги ҳеч нима бўлди-қолди. Онам қорнимнинг очлигидан ташвишланди шекилли, дарров дастурхон ёзди, чой дамлади, овқат келтириб қўйди. Кейин эса келтирган гулларимни сувга солиб қўйди. Шу куни кечда бизникига қўшнилар чиқишди. Бири оғзидан бол томиб қизи олиб берган рўмолини мақтар, бири ўғли совға қилган кўйлакни, бири эса туфлисини…
Онам бўлса ҳаммасидан кўра қиммат совға олгандек “Бизнинг кенжатой келтирди, ҳали ёшда катта бўлса олиб бераверади менга ҳам” — деди икки атиргулни кўрсатиб.
Ўйланиб қолдим ўша пуллар, қўшни хотиннинг бошидаги рўмолдан иккита олишга ҳам, қиммат кўйлакка ҳам, туфлига ҳам етарди. Мен эса…
Шу хаёллар ичида ўтирганимда кўзим Г га тушди. Ёнида бир йигит. Қўлида худди мен совға қилгандек айиқча, худди шунақа юракчаси ҳам бор. Фақат юракчага бошқа йигитнинг исми “зарҳал қилиб” ёзилган… (Ич-ичимдан шуни ўйлайман: Ишқилиб бу йигит ҳам менга ўхшаб онасига совға олмай унга совға олган бўлмасинда…)
Бугун ойлик олганман. Онамга рўмол ҳам, кўйлак ҳам, туфли ҳам олишим мумкин. Пулим етарли. Аммо… аммо онамга энди фақат гул совға қилишим мумкин… Чиройли қилиб ўралган атиргулларни олдим-у қабристон томон йўл олдим. Қўлимдаги гулларнинг боши хиёл эгилган. Гўё дилимдаги сўзларни айтмоқда: “ОНАЖОН, МЕНИ КЕЧИРИНГ! ҚИЗИЛ МАТОДАН ТИКИЛГАН ОДДИЙ ЮРАК ЭМАС, КЎКСИМДАГИ ҚАЙНОҚ ЮРАГИМ СИЗНИКИ, ФАҚАТ СИЗГА У… ”
Рўзиқул ОЧИЛОВ
ЎзЖОКУ талабаси, Ёш ижодкорларнинг Республика Зомин семинари иштирокчиси. ижодий ишлари “Истиқлол чечаклари”, “Митти ҳикоялар: кеча ва бугун”, “Истиқбол ғунчалари” ва “Карвон қўнғироқлари” каби ёш ижодкорлар тўпламида чоп этилган.
No Comments so far
Jump into a conversationNo Comments Yet!
You can be the one to start a conversation.