АЖДОДЛАР ХОТИРАСИ ВА МЕРОСИ ДУНЁ ТИЛЛАРИДА ТАҲЛИЛ ВА ТАЛҚИН ЭТИЛДИ

28.02.2019

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўзбек мумтоз адабиётининг икки буюк вакили – Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасига бағишлаб илмий-адабий давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур давра суҳбатида ЎзДЖТУ ректори филология фанлари доктори, профессор Ғанишер Раҳимов, ЎзДЖТУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори филология фанлари доктори, профессор Гуландом Боқиева, шунингдек, университетнинг ёш олимлар жамоаси иштирок этишди.

– Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ва ҳам шоҳ, ҳам шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг ҳаёти ва ижодини хотирлаш илм аҳли учун илҳом манбаидир, – деди ЎзДЖТУ ректори филология фанлари доктори, профессор Ғанишер Раҳимов ўз нутқида. – Шу даврга қадар бу икки сўз санъаткори томонидан яратилган асарлар жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган, бир неча юзлаб илмий ишларнинг яратилишига сабаб бўлган. Университетимиз жамоаси жаҳон тилларини яхши билгани учун бу борада бизнинг зиммамизда катта масъулият бор. Бу икки буюк зотнинг ижодидаги очилмаган қирраларни тадқиқ этиб, уларни жаҳон аҳлига таништириш айнан шундай улуғ ишлардан биридир.

Шундан сўнг университет олим ва олималарининг Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этишга бағишланган илмий чиқиш ва маърузалари эшитилди.

Давра суҳбати чин маънода университет олимларининг илмий баҳсларига айланди. Сўзга чиққанлар Алишер Навоий ва Бобур илмий ва ижодий меросининг турли қирраларини очиб беришга ҳаракат қилишди.

Қизғин кечган давра суҳбати изланувчи ва докторантларнинг хорижий тилларда тайёрлаб келган илмий чиқишлари билан давом этди.

Суҳбат якунида профессор Г.Х.Боқиева ўз ҳаётий тажрибаларидан қуйидаги воқеани мисол қилиб келтирди:

“Буюкларнинг умрлари улар вафотидан кейин ҳам давом этади. Бугун Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, улар қолдирган ижодий мерос янгидан янги илмий ишлар учун мавзу бўлмоқда. Мамлакатимиз номини, унинг шонли тарихини жаҳонга танитишга ҳам ҳисса қўшмоқда. Бугун Ўзбекистонда илмий ишлар қилиш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Университетимизда ҳам илмий изланиш қилишга бел боғлаган ҳамма зарур шароитлар яратилган. ЎзДЖТУ, аввал таъкидланганидек, хорижий тил мутахассисларининг асосий марказларидан бири. Демак, келгусида А.Навоий ва Бобур каби аждодларимиз ижодий меросини жаҳон аҳлига таништиришда айнан шу соҳа вакилларининг ҳиссалари катта бўлишига ишонаман”.

Давра суҳбати давомида, шунингдек, Алишер Навоий ва Бобур ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ қизиқарли ибратли ҳикоят ва ривоятлар, “Хамса”, “Чор девон”, “Бобурнома” каби монументал асарларнинг яратилиш жараёнларига оид тарихий фактлар ва ҳодисалар ишктирокчилар томонидан сўзлаб берилиши тадбирга жонли руҳ ва янгича мазмун бағишлади.

Аъзамжон Дадахонов,

ЎзДЖТУ таянч докторанти

No Comments so far

Jump into a conversation

No Comments Yet!

You can be the one to start a conversation.

Your data will be safe!Your e-mail address will not be published. Also other data will not be shared with third person.

8 − 1 =