БУТУН УМР ИЛМ ЙЎЛИДА… С.У. УМИРОВ – 80 ЁШДА

09.02.2018 78

Сайди ака қарийб олтмиш йилдирки талабаларга журналистика сир-асрорларидан дарс бериб келади. Деярли йигирма йилдан буён домла билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида ёнма-ён ишлаш бахтига муяссар бўлиб келмоқдаман. Домланинг илмий, публицистик, ижтимоий-педагогик фаолияти шу даражада кўпқирралики, дафъатан нимадан сўз бошлашни билмай қоласан, киши. Бирга ишлаш давомида домланинг озми-кўпми таржимаи ҳоли билан ҳам танишдим. Бундай серқирра ижодкор, жонкуяр устоз бўлиш учун одам кўп нарсаларни бошдан ўтказган бўлиши керак. Самарқанднинг Пойариғидаги Жўрабой қишлоғида туғилган домла жуда эрта отадан (оталари урушдан қайтмаган) етим қолади. Оналари Ойсулув ая учта гўдак – бир қиз, икки ўғилни бир ўзи кипригида катта қилади. Шунинг учун бўлса керак ота-она ҳақида гап кетса, Сайди ака ҳанузгача тўлқинланмасдан, ҳаяжонланмасдан, кўзи ёшланмасдан гапиролмайди. Сайди ака болалигиданоқ турмушнинг барча синовларини, қийинчиликларини бошдан ўтказган. Шу билан бирга Сайди ака китобга эрта меҳр қўяди, ҳозиргача мутолла қилишдан чарчамайди. Домла атоқли адиб Чингиз Айтматов ҳақида ўнлаб мақолалар ёзган, Москвада нашр этилган “Чингиз Айтматовнинг нажот кемаси” (“Ковчег Чингиза Айтматова”) номли тўпламдаги энг катта мақола ҳам Сайди акага тегишли. Домланинг ҳам болалиги Чингиз Айтматовникидек уруш йилларига тўғри келганлиги боисми, сайёравий миқёсдаги машҳур адиб ва унинг ижоди ҳақида кўп, ёрқин мақола-эссе ёзган ва ёзиб келмоқда.

         Сайди Умиров ўзининг илмий фаолиятини Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультетини тугатгандан сўнг Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида давом эттирган. Ўтган асрнинг олтмиш еттинчи йилида “Характер ва шароит тасвирида бадиий деталнинг роли” (Абдулла Қаҳҳор прозаси мисолида) мавзусидаги номзодлик диссертациясини ёқлайди. Ҳимояда Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи иштирок этади. Гарчи ҳимояда сўзга чиқмаган бўлсаларда, кейинчалик машҳур шоиримиз Абдулла Орипов орқали “бу бола дуруст нарса ёзганга ўхшайди” деб айтиб, эътирофини билдирган эканлар. Домла қарийб олтмиш йиллик илмий, ижодий фаолияти давомида ўнлаб ёзувчи, шоир, танқидчи, адабиётшунос, журналист, таржимонларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида мақолалар, хотира-очерклар, рисолалар, эсселар, тақризлар ёзди. Уларда халқимиз орасида танилган кишиларининг портрет-образлари, шахс сифатида кўриниб турадиган индивидуал хусусиятларини маҳорат билан чизиб бердилар. Сайди ака мана шу илмий-ижодий фаолияти давомида “Солланиб оқаётган дарё”, “Дорулфунунлар – тақдиримда”, “Маънавият мулкига саёҳат”, “Толибнома”, “Санъатнинг сеҳрли калити”, “Сеҳрли ва меҳрли сўз” каби ўнлаб китобларга муаллифлик қилди.

Сайди Умировнинг журналистика соҳасига нафақат амалий жиҳатдан, балки назарий нуқтаи назардан ҳам қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлаш муҳим. Домланинг мақоланавислик, ОАВ муаммоларига бағишланган ўнлаб мақолаларида мазкур соҳанинг сир-синоатлари ва нозик жиҳатлари таҳлил этилди. “Публицистика таҳлили”, “Очерк – ўгай жанр эмас”, “Жанговар жанр”, “Ёшликнинг публицистик мавжлари”, “Тарҳи тоза публицистика”, “Самарқанд журналистика мактаби”, “Узайтирилган ҳаёт”, “Чанги ва донғи чиққан ёлғиз от” (атоқли журналист олим, профессор Очил Тоғаев ҳақида) каби мақолаларида ўзбек публицистикасининг амалий ва назарий муаммолари жўшқинлик билан таҳлил этилади, давр ва замоннинг долзарб масалалари маҳорат билан боғланган ҳолда кўриб чиқилади. Домланинг илмий ижоди ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин.

Домла билан бирга ишлаш давомида у кишининг педагогик маҳорати, илмий-публицистик ижодидан ибрат олишга ҳаракат қилганман. Домла мўътабар ёшга киришига қарамасдан ҳар бир дарсга жуда масъулият билан ёндашади. Ўз устида ишлашдан чарчамайди. Маърузаларига янгиликларни мунтазам киритиб боради. Замон билан ҳамнафас, бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисалар, ўзгаришларни назарда тутиб машғулотларни ташкил этади (нафақат машғулотларни, балки булар ҳақида даврий нашрларда ҳам публицистик мақолалари билан мунтазам чиқиш қилиб туради). Тўғри, домлада катта ҳаётий, педагогик тажриба бор, лекин шунга қарамасдан ўрганишдан тўхтамайди. Ҳатто, бошқа ҳамкасблар юраги дов бермаган янги фанни юкласангиз ҳам уни тезда ўқиб-ўзлаштириб олади.

Яна бир эътиборли жиҳат – домла ҳеч қачон талаба билан конфликтга бормайди. Улар билан ҳақиқий устозлик мақомида туриб муомала қилади. Шу билан бирга талабаларга бағрикенглик билан муносабатда бўлади, уларни ўзига тенг кўради. Айрим талабалар буни баъзан суиистеъмол қилганида ҳам хафа бўлмайди, кек сақламайди. Бировга қаттиқ гапириб, жаҳл қилмайди.

Кафедра иши жараёнида гоҳида ўткинчи муаммоли вазиятлар вужудга келиб қолади. Шундай пайтларда ёш ўқитувчиларга доимо тўғри йўл кўрсатиб келмоқда. Ўқитувчилар ўртасида, ўқитувчи ва талаба ўртасида турли конфликтлар чиққанида, комиссия аъзоси сифатида адолат билан муаммони чиройли тарзда бартараф этишга ўзининг беминнат ҳиссасини қўшади.

Сайди ака спортнинг ҳақиқий ишқибози ва ҳозирги кунгача шуғулланиб келади. У кишининг футболни яхши кўриши ҳақида турли афсоналар юради. Бу ҳақда домланинг шогирди Ҳалим Саидов томонидан 2018 йилда нашр этилган “Яхшиликшунос” китобида кўплаб чиройли хотиралар келтирилган. Масалан, домла оддийгина шахмат ўйнаётганда ҳам айни ўзи тушиб қолган ҳолатни жуда чиройли иборалар билан тасвирлайди. Машҳур спортчиларнинг, айниқса, кўп буюк шахматчиларнинг таржимаи ҳолини, ёзган китобларини, теша тегмаган ибораларини ёддан билади. Бу ҳам одамга ибрат ва жўшқинлик беради.

Хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвони, “Олтин қалам” халқаро миллий мукофотлари билан тақдирланган.

Домла ярим асрдан зиёд журналист кадрларга сабоқ бериб келмоқда. Ўз касбига чексиз меҳр-садоқати туфайли домланинг юзлаб, эҳтимолки, минглаб шогирдлари ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, турли соҳаларда ишлаб келмоқдалар. Имкониятдан фойдаланиб, муборак 80 ёшингиз қутлуғ бўлсин, деймиз! Барчамизга яна узоқ йиллар устозликда ўрнак бўлиб юринг!

А. Нурматов ф.ф.н., доцент
ЎзДЖТУ халқаро журналистика назарияси
ва амалиёти кафедраси мудири

“Ўзбекистонда хорижий тиллар” номли электрон журнал ва Интернет портали таҳририяти ҳам табаррук саксон ёшини шукроналик билан саноқсиз шогирдлари, касбдош дўстлари даврасида нишонлаётган устоз Сайди Умировни чин қалбдан қутлаймиз! Уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, яна кўп йиллар эл-юрт ардоғида ёш авлод учун ибрат бўлиб юришларини тилаймиз!

Hozircha fikr bildirilmagan

Fikr bildiring

Hozircha fikr bildirilmagan!

Maqola haqida fikringizni bildiring.

Ma'lumotlaringiz ishonchli qo'llarda!Email manzilingiz va shaxsiy ma'lumotlaringiz hech kimga ko'rsatilmaydi.