ИСПАН ТИЛИНИНГ ЕТУК БИЛИМДОНИ ЭДИ (Комилжон Абдуллаевни хотирлаб)

15.02.2018 46

Ўзбекистонда испан тили бўйича таълим олган мутахассислар ичида Комилжо Абдуллаевни танимайдиганлар бўлмаса керак. Чунки у узоқ йиллар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида испан тилидан сабоқ бериб,  мамлакатимизда  испан тилини ўргатишни ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган олимлардан бири ҳисобланарди.

 Комил Абдуллаев 1946 йилнинг 6 март куни Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида таваллуд топган. Меҳнат фаолиятини 1974 йилда ўша пайтдаги Тошкент давлат чет тиллар педагогика институтида бошлаган. 1992 йилда ташкил этилган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети француз филологияси факультетининг испан тили бўлими раҳбари, 2003 йилдан испан тили филологияси факультети “Испан тили стилистикаси” кафедраси мудири сифатида фаолият юритган. Филология фанлари номзоди, юзга яқин илмий мақолалар, ўнга яқин дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифи. Ўтган йиллар давомида Комил Абдуллаев “España y los países hispanohablantes”, “Literatura española”, “Lenguas romances”, “Historia de la literatura española”, “Manual de la literatura española” “Испания маданияти” каби ўқув қўлланмалар яратди. Шунингдек, “Испан-ўзбек тили луғати”, “Испан тили” дарслиги, “Прагматическая семантика текста испанской пословицы” каби авторефератларга ҳаммуаллифлик қилган.

Домланинг испан тилини ўргатиш бўйича бошқаларда учамайдиган, ўзига хос усуллари бор эди. Талабалар билан ишлаганда уларга ҳеч қандай босим ўтказмасдан, яхши гап билан, кўпроқ ҳазил -мутойиба орқали мавзуни ўргатишга, тушунтиришга ҳаракат қиларди. Бирорта талабани эътибордан четда қолдирмас, ҳаммасини яхши билар, ўз навбатида талабалар ҳам домлани яхши кўришар, ҳатто уларнинг ота-оналаригача танишар эди.  Домланинг жонкуярлиги, самимийлиги, айниқса ҳазилкашлигини ҳамма бирдай қадрларди. Ҳатто унинг дарсларда қўллайдиган  қизиқарли воқеалар, латифалар, пародиялар талабалар орасида машҳур эди. Хоразм шевасига билан “Африкаға барғанимда…” деб бошланувчи ҳикояларини ҳамма жон қулоғи билан тингларди…

 Домланинг иккита исмлари бор эди: маҳалла-кўйда, таниш-билишлар Комил ака деб чақирса, испанияликлар учун Дон Камильо дейишарди. Кафедра ўқитувчилари  “отам”  деб мурожаат қилишарди. Аслида юзидан нур ёғилиб турувчи бу инсон ҳаммага бирдек УСТОЗ эдилар.

Комилжон Абдуллаев 1978-1981 йилларда Анголада (устоз португал тилини ҳам билар эдилар) таржимон бўлиб ишлаган.  Мамлакатшунослик дарсларида бу мамлакат билан боғлиқ саргузаштларга бой қизиқарли  ҳикояларини  мириқиб тинглар, ҳам тилни, ҳам чет тилида сўзлашувчи халқларнинг турмуш тарзини ўрганар эдик. Дарсларда чарчаганимизни сезсалар, ёки бирор талабанинг ноўрин  ҳатти-ҳаракатини танқид қилиш ниятида латифалар айтар, ҳазил орқали талабага танбеҳ бериб қўярдилар.

Бевақт ўлим устозимиз Комилжон Абдуллаевни орамиздан олиб кетди. Ўлими ҳам ўзига каби беозор, кутилмаганда содир бўлди. Одатдагидай  ишга келиб-кетадиган кунларнинг бирида устоз бу даргоҳни, бу олами бутунлай тарк эди.  

Айтишларича, ҳақиқий устоз шамга ўхшар экан. Ўзи ёниб тугайверса ҳам шогирдлари йўлини ёритишдан тўхтамас экан. Комилжон Абдуллаев ҳам  талабалари ва шогирдларининг нафақат онгу-шуурини, балки қалбини, умр йўлини ёритган буюк инсон эдилар. Устознинг охиратлари обод бўлсин…

Ҳилола РЎЗИЕВА
Жаҳон иқтисодиёти ва
дипломатия университети ўқитувчиси

Hozircha fikr bildirilmagan

Fikr bildiring

Hozircha fikr bildirilmagan!

Maqola haqida fikringizni bildiring.

Ma'lumotlaringiz ishonchli qo'llarda!Email manzilingiz va shaxsiy ma'lumotlaringiz hech kimga ko'rsatilmaydi.