МУТОЛААНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ 10 УСУЛИ

30.03.2019

XXI асрни ахборот асри деб атаса ҳам бўлади. Сабаби биз қабул қилишимиз даркор бўлган маълумотлар шу қадар кўпки, баъзида уларни саралаш биз учун қийин масалалардан бўлиб қолади. Балки шунинг учунми кўп ҳолларда мутолаа учун сарфлашимиз лозим бўлган дақиқаларимизни бошқа ишларга ёки бўлмаса бекорчилик йўлида ишлатиб юборамиз. Буни қарангки, мутолаани ривожлантиришнинг ҳам йўли бор экан.

Қуйидаги 10 маслаҳат айнан шу хусусида:

         1. Ўқиган нарсангизнинг моҳиятини англаб етишингиз учун сиздан буюк инсон бўлиш талаб этилмайди.

Баъзи инсонлар китобни жуда тез ўқийдилар ва унинг барчасини хотираларида сақлаб қола оладилар. Яна кимлардир эса аста-секин ва хотирада сақланиши учун бир неча марта мутолаа қиладилар. Аммо китобни тез ёки секин ўқиш  ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Чунки тез ўқисангиз ҳам, секинлик билан ўқисангиз ҳам мутолаа қилиш давомида сиз ўзингиз қидирган маълумотга эга бўласиз.

         2. Нима мақсадда мутолаа қилаётганингизни билинг.

Сиз шунчаки кўнгил ёзиш учун ўқияпсизми ёки бирор нарсани ўрганиш мақсадидами? Мутолаага киришишдан аввал мана шуни аниқлаб олсангиз марра сизники бўлади. Ана шунда  ўз билимларингизни сезиларли даражада  мустаҳкамлашингиз ёки мутолаа орқали мароқ билин ҳордиқ чиқаришингиз мумкин.

         3. Барча нарсани кетма-кетлиги билин ўқишингиз шарт эмас.

Сизга келиб тушган электрон жўнатмалар, хатлар, журналлар…  Буларнинг барчасига жуда кўп маълумот киритилган бўлади. Бошқача қилиб айтганда, буларнинг анча қисми сиз учун яроқсиз, яъни “чиқинди” маълумотлар бўлиши мумкин. Шунинг учун уларнинг ичидан ўзингизга керакли бўлмаганларини дарҳол ўчириб ташланг ёки хотирангизда улар учун жой ажратманг. Бу усулни қўллаш билан олдингига қараганда икки баробар кўпроқ мутолаа учун вақт ажратишингиз мумкин бўлади ва энг муҳими, бу орқали сиз ўзингиз учун муҳим ҳамда фойдали маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.

         4. Тўлиқ ўқиб чиқиш ҳам баъзида вақтингизни олиши мумкин.

(Бу усул, гап китоблар ҳақида кетганда, самарасизроқ саналади. Чунки китобларни тўлиғича ўқиш тавсия этилади). Масалан, бирор журнални мутолаа қилмоқчисиз, унда берилган барча мақолаларни ўқиб чиқишингиз шарт эмас, ўзингизни қизиқтирганларини ўқиш вақтни тежашга ёрдам беради.

         5. Бирор нарсани ўқиб чиқишдан аввал унга кўз югуртиринг.

Унинг мундарижаси ёки таркиби қандай? Берилган сарлавҳа  ҳамда мавзуга алоқадор расмларга эътибор бердингизми? Бу усул орқали сиз ўқимоқчи бўлган нарсангизга нисбатан қизиқишингиз борми ё йўқми, умуман олганда, бу орқали қандай ахборотга эга бўлмоқчи эканлигингизни аниқлаб оласиз.

         6. Ўзингиз учун муҳимини танланг.

Истаган китобингизни ё бирор катта ҳажмдаги мақолани бир зумда ўқиб чиқа олмайсиз (хоҳламайсиз ҳам). Агар бу жуда муҳим бўлса уни ҳозироқ ўқишга киришинг. Бордию бу сиз учун муҳим бўлмаса, уни кейинроқ ўқишингиз мумкин.

         7. Мутолаа учун ўзингизга қулай шароит яратинг.

Тезроқ ўқисангиз тезроқ тушунасизми ё маълум танаффуслар билан мутолаа қилсангиз англашингиз осонроқ бўладими? Буларни эътиборга олган ҳолда, ўзингиз учун қулайлик яратинг. Ана шунда мутолаани янада ривожлантиришингиз мумкин.

         8. Ихлос билан ўқишни бошладингизми, уни зудлик билан тўхтатиб қўйманг.

Бирор китобни ўқишни бошладингиз ва бу сиз учун қизиқ, унда уни, албатта, якунига етказинг. Тугатганингиздан сўнг сизда китоб бўйича саволлар туғилса, ортга қайтинг ва савол пайдо бўлган қисмларни такроран ўқинг. Агар сизда ҳеч қандай савол туғилмаса, демак, ўзингизга керакли билимга эга бўлдингиз ва тегишли хулосани чиқариб олдингиз ва олдинга ҳаракатланишга тайёрсиз.

         9. Фикрингизни бир жойга жамланг.

Шуни ёдда сақлангки, сиз маълум мақсад йўлида мутолаа қилмоқдасиз. Шунинг учун ўз фикрларингизни мана шу мақсад йўлида  жамлашга ҳаракат қилинг. Агар  бу материалга нисбатан қизиқишингиз сўнаётган бўлса, бироз танаффус эълон қилинг ёки бошқа бирор нарса ўқиб ўзингизни чалғитинг. Сўнг яна ҳалиги материални ўқишни давом эттиринг. Бу оддийгина усул диққатни бир жойга жамлашга ҳамда мутолаа жараёнида чалғимасликка олиб келади.

         10. Мутолаа қилишда давом этинг.

Қанчалик кўп ўқисангиз, шунчалик даражада яхши китобхонга, бундан ташқари янада ақллироқ инсонга айлана борасиз. Шу сабаб кўпроқ вақтингизни мутолаа учун сарфланг. Бу орқали сиз ўз билимларингизни  янада мустаҳкамлайсиз.

Ситора ХОЛМАТОВА

No Comments so far

Jump into a conversation

No Comments Yet!

You can be the one to start a conversation.

Your data will be safe!Your e-mail address will not be published. Also other data will not be shared with third person.

four + two =