СОБИР СОЛИЕВИЧ СОЛИЕВНИНГ ПОРЛОҚ ХОТИРАСИГА

07.12.2019

Менинг падари бузрукворим— тилшунос олим, фидойи педагог, умрининг 45 йилини фақат раҳбарлик лавозимларида ўтказган Солиев Собир Солиевич ўз иш фаолиятларини 1954 йилда иш тақсимоти йўлланмаси билан Термиз давлат ўқитувчилар институтида катта ўқитувчи сифатида бошлаган эдилар. 1954–1959 йилларда мазкур институтда кафедра мудири, кейинроқ директор ўринбосари бўлиб ишлаганлар. 1961 йилда Тошкентга қайтиб, 1961–1963 йилларда давлат чет тиллар педагогика институтида “Немис тили” факультети декани, илмий ва ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида фаолият юритганлар. 1965–1966 йилларда Термиз давлат педагогика институти ректори этиб тайинланганлар. 1966–1978 йилларда Республика рус тили ва адабиёти педагогика институти илмий ва ўқув ишлари бўйича проректори, 1979 йилда эса Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтининг ректори лавозимларида фаолият юритганлар. 1984–1996 йилларда эса “Ўзбек ва рус тилларининг қиёсий типологияси” кафедраси мудири лавозимида ишлаганлар.

1956 йилда филология фанлари номзоди илмий даражасиниолиш учун“Ўзбек тилида от сўз туркуми” мавзусида ёзилган диссертациясини ҳимоя қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасини, кейинроқ доцент унвонини олганлар. Қатор илмий мақолалар, тезислар ҳамда “Ўзбек ва рус тилларида отларнинг ясалиши” монографияси муаллифи.

Иш фаолиятининг асосий қисмини раҳбарлик лавозимларида ўтказган дадам нафақат яхши ташкилотчи раҳбар, балки ниҳоятда камтар ва самимий инсон сифатида жамоада катта обрў-эътиборга эга эдилар. Қайси таълим муассасасида ишламасинлар, ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан хушмуомалаликлари, оғир ва босиқликлари, хизмат вазифаларига ўта масъулият билан ёндашишлари, самимий ва камтарликлари билан  ҳар бир жамоада катта обрў-эътибор қозонганлар. Айнан шу фазилатлари туфайли ўша пайтдаги Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Шароф Рашидович Рашидовнинг шахсан ўзлари чақиртириб, қайтадан ташкил этилган Термиз давлат педагогика институти ректори вазифасини бажаришга йўллаганлар.

Дадамнинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, қатор мукофотлар билан тақдирланганлар. Жумладан, “Ғалабанинг 40 йиллиги” (1985 йил 7 май), 1941–1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги” (1995 йил 20 апрель), “1941–1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 30 йиллиги” (1975 йил), “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги” (2015 йил 9 май) юбилей медаллари билан, шунингдек, “Меҳнат фахрийси” медали (1986 йил 10 сентябрь), “Шуҳрат медали” (1994 йил 6 май), “Халқ маорифи аълочиси” кўкрак нишонларига сазовор бўлганлар.

Бироқ энг катта мукофот дадамнинг шу йиллар ичида ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан, масъулият билан ва самимий ёндашиб, тўғри йўлдан оғишмай, халоллик ва камтарлик билан меҳнат қилишлари эвазига педагогик жамоада қозонган юксак обрў-эътиборларидир. Университет ҳовлисига қадам қўйганимдан ходимлар, педагоглар, хуллас, дадамни таниган-билган инсон борки, барча-барчадан шу эътирофни эшитаман ва чексиз фахрланаман. Ушбу фахр туйғулари болалагимдан дадамдан эшитган насиҳатлар, маслаҳатларини тез-тез ёдимга солади.

Институтни имтиёзли битириб, педагогик фаолиятимни бошлаган дастлабки йилларда дадамга берган бир саволим ва бу саволга уларнинг берган жавоблари бот бот ёдимга тушади. Кўп йилдан бери институт ўқув ишлари проректори лавозимида ишлаб келаётган дадамдан: “Нима учун сиз айрим раҳбарлар каби ошхона ходимлари хизматидан фойдаланмайсиз? Уларга айтиб, овқатни кабинетингизга олиб келтирсангиз бўлади-ку! Тушлик қилиш учун ўзингиз ошхонага боришингиз шартми?” — деб сўраганимда, улар шундай жавоб берган эдилар: “Қизим, биринчидан, бу ошхона ходимларининг хизмат вазифасига кирмайди. Иккинчидан, мен кабинетда ўтираверсам, институтдаги ҳолатни атрофлича била олмай қоламан. Ташқарига чиқиб, таълим жараёнини, тартиб-интизомни ўзим кузатиб туришим, жамоани яқинроқ билишим керак. Учинчидан, юриб туриш соғлигим учун ҳам керак. Ва, энг асосийси, раҳбарлик курсиси ҳеч кимга умрбод берилмайди. Мен қачондир раҳбарликни топширганимда ҳам, одамлар орасида ўз обрўйимда қолишни истайман”. Ўша вақтларда таг маъносига етиб бормай, бирмунча енгилроқ қабул қилган ушбу пурмаъно гапларнинг туб мазмунига анча кейин етиб борганим учун баъзан ўзимдан уялиб ҳам кетаман. Ҳақиқатан ҳам, дадам ўзлари истаганларидек, нафақага чиқиб, раҳбарликни топширган вақтларида ҳам шу юқори обрў-эътиборда қолдилар. Бу жавоб бугунги кунда ҳам кўплар учун ниҳоятда керакли ўгит деб ўйлайман.

 Ёшлик қилиб, айрим қийинчиликлардан нолиган вақтларимда дадам тез-тез такрорлаган ушбу насиҳатомуз гапларни эса энди ўзим ёшларга айтиб тураман: “Қизим, биламан, жуда кўпларга хавас қиласан, интиласан. Хавас қилганинг яхши, албатта. Бироқ хаваснинг ҳам меъёри бор. Меъёрдан ортиб кетса, у ҳасадга айланиб қолиши мумкин. Иноннинг юрагига ҳасад қўнса, у инсонликдан чиқади. Одинга интилиш яхши, бироқ вақти-вақти билан инсон орқага қараб туриши ҳам керак. Ахир, сенинг даражангга етмаганлар ҳам бор-ку!” Бу гаплар шукроналикка, бор нарсаларнинг қадрига етишга ундайдиган ўгитлар сифатида менинг умрим мазмунига айланди.  

Энг муҳими эса, менинг 45 йилдан ортиқ меҳнат фаолиятимда дадам ва онажоним юрган, кўрсатган, бошлаган йўлларидан оғишмай юрганим, айнан ушбу насиҳатларни ўзимнинг ҳаёт йўлимдаги асосий шиорлар сифатида танлаганим ва уларга амал қилганимда, деб ўйлайман. Падари бузрукворимнинг юрган йўллари менинг ҳаёт йўлимни шамдек ёритиб турди, ўз фаолиятимда сира оғишмай, янглишмай боришимга, шукроналик билан олға томон қадам ташлашимда асосий омил бўлди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Дадам ўз оиласида педагоглар сулоласини яратган инсон табаррук инсон эдилар. Икки укалари республикамизнинг таниқли маориф ходимлари бўлишган. Катта амаким — Содиқ Солиевич Абдуллаев Тошкент шаҳар малака ошириш институтида ўқитувчиларга, айни вақтда Шастри номидаги 24-мактабда ўқувчиларга физика-математика фанидан 40 йилдан ортиқ дарс берган малакали ўқитувчи, кичик амаким — Султон Солиевич Абдуллаев Шайхонтоҳур тумани маориф бўлими бошлиғи бўлиб фаолият юритишган. Мен ва кичик синглим Пўлатова Хосият ота касбини — тилшунослик соҳасини танлаганмиз. Биз томондан чоп этилган мақолалар, дарсликлар ва ўқув қўлланмалар дадамларни чексиз қувонтирса-да, икковимизга ҳамиша аввало касбимизга садоқатли бўлишни,  фидокор ва халол педагог бўлишни бот-бот тайинлар эдилар. “Шуни унутмангки, сиз ойлик маошни 80 дақиқа учун оласиз. Дарсга кеч қолиш ёки дарс вақтида аудиториядан қанчадир вақтга чиқиб кетиш ҳам нохалолликка олиб келади. Вақт ўтиб, ўзим “Ўзбек тили” кафедрасига раҳбарлик қилган кезларимда мен ҳам кафедра ўқитувчиларига бу гапни мунтазам эслатиб турар эдим.

4та фарзанд, 9та невара, 20 та эвара, 1та чевара кўрган падари бузрукворим Собир Солиевич Солиев 93 ёшда вафот этдилар. Уларга 100 билан юзлашиш, кўп йиллик меҳнатларининг фароғатини кўриб қарилик гаштини суриш, фарзандлари, набиралари ардоғида умргузаронлик қилиш, набиранинг набирасини, яъни чевара кўриш бахтига мушарраф бўлиш бахти насиб этди. Падари бузрукворимнинг намунали ҳаёт йўллари  фидойи ва самимий инсонларга ҳамиша тўғри йўлни кўрсатиб туради, деб умид билдираман.  

Мухитдинова Хадича Собировна,

педагогика фанлари доктори, профессор.

No Comments so far

Jump into a conversation

No Comments Yet!

You can be the one to start a conversation.

Your data will be safe!Your e-mail address will not be published. Also other data will not be shared with third person.

one × 5 =