Уйғонган виждон

06.11.2019

Автобусда кетаётганимда ёнимга тахминан ҳали 35 ёшларга етмаган, чеҳрасида қуёшнинг меҳнати анчайин билинган, эҳтимол, шамал сабаб юзи совуннинг юзига ўхшаб чизиқ-чизиқ бўлиб ёрилган, қўл-юзини ювган бўлса-да чаккасида оҳакнинг изи қолган бир киши оғир сумкасини олдига қўйди ва ўзини ўриндиққа ташлади (Қурувчи бўлса керак дея тахмин қилдим). Шу лаҳрада меҳнат зарбидан қабарган қўлларидаги 6-7 ёшли болаларга мўлжалланган 3-4 китоб эътиборимни тортди. У қўлидаги китобларни жуда ҳам асрар, кўзларини ундан узмасди. Бош бармоғига боғланган докадан сизиб чиққан қон китоб муқовасига текканлигини кўриб анча куйинди. Чўнтакларидан дастрўмол излаб тополмагач, кўйлагининг сарғайган енги билан теккан қонни артди. Бироз изи қолганди, ўзини “овсар” дея койиди.

— Ўғлингизгами? — қизиқиб сўрадим.

— Ҳа, ўғлим бор, шунга —  деди у киши юзимга тикилиб.

— Унга тез-тез китоб совға қилиб турасизми?

— Охирги марта 7-синфда ўқиётганимда уйга китоб кўтариб боргандим. Яқинда отам қазо қилдилар. Энди яна уйга китоб олиб боряпман, ўзим ўқимасам ҳам ёлғиз ўғлим ўқиса бўлди. Ўртага сукунат чўкди. Мен суҳбатни қандай давом эттиришни билмасдим, аммо кўнглимда туғилган “Нима учун шунча вақт уйларига китоб этмадилар экан?”, “Нима учун оталари вафот этгандан сўнг?..” каби саволларга жавоб топгим келарди. Орамиздаги жимликни ҳалиги кишининг маъюс товуши бузди. Баъзан шундай вақтлар бўлади- ки,  ҳеч ким йўқ ерларга бориб, осмонга тикилиб йиғлагим келади. Етти йил синф сардорлигини ҳеч кимга бермай келдим. Ҳамма фанлардан аълога ўқирдим. Устозларимнинг мендан умиди катта эди. Яхши инсон бўлиб, ҳаётда яхши яшашимга ишонишарди. Лекин бундай бўлмади. Шу пайтгача ортимдан кулаётган синфдошларим, энди росмана олдимда кулишни бошлашди. Ахир ўзи тенгилардан анча олдинда билим олиб,  китобдан бош кўтармайдиган боланинг келажаги қурилиш майдонида, ғишт ташиб, сувоқ қилиб юриши кимнинг хаёлида эди. Бугун синфтдошларимнинг ҳаммасидан орқадаман. Улар ҳар куни замонавий кийинадиган бир пайтда мен икки йилнинг бадалига битта кўйлак оламан. (У киши кулади, аммо кулгусида алам яққол сезиларди). Биламан, нима учун бундай бўлди деб сўрамоқчисиз. Уйда отамни менинг билим олишим, китоб ўқишим эмас, аксинча, мол-қўйларни боқишим, пичан тўплашим, қўни-қўшнининг у-бу ишларига кўмаклашиб тўрт-беш сўм пул топишим кўпроқ қизиқтирарди. Агар уйда китоб ўқиб турган бўлсам, менга эмас, онамга жахл қиларди, уришарди, сўкарди. Мен туфайли онамнинг кўнгли ранжишини ҳеч ҳам истамасдим. Мактабдан келибоқ далага чопардим, отам қувонсин деб. Кечаси китоб ўқирдим. Аммо бир куни ўқиётган китобимга жуда қизиқиб уни ўзим билан далага олиб кетдим. Билмай қолиб ман, сигиримиз пахта даласига тушибди. Раис отамни уришди, отам онамни. Эртаси куни мактакдан қайтсам отам ҳамма китобларимни ёқиб юборибди. Онамнинг юзлари кўкарган. “Мени кечир, болам, отангдан китобларни асраб қололмадим”,  —  деди рўмоли билан юзини яшириб. Сумкамни ташладим-у кўчага югурдим. Кечгача қўшниларнинг қандай хизмати бўлса бажариб пул тўпладим. Тун ярмида уйга келдим. Онам билан отам ҳали ухлашмаган экан, қўлимдаги бир даста пулни отамга тутдим. Отам қувонди-да онамга: “Кўрдингми, бу болани китобидан айирсам одам бўлади деганмидим?! Ҳали ҳамма ҳавас қиладиган одам бўлади ўғлим. Китоб ўқиган “олим”ларингни яшашини кўрармиз” —  деди. Шу бўйича бир ойлар мактабга бормадим. Ҳар куни отамни хурсанд қилавердим. Муҳими, онамнинг юзи энди мен учун кўкармасди. Устозларимнинг қистови билан яна мактабга чиқдим-у лекин ўқишим… Дарсларда бугун нима иш қилишим, қандай кўп пул топишим мумкинлиги ҳақида ўйлардим. Шундай қилиб йиллар ўтди. Отам ўйлаганчалик бўлмасада яшаяпман бу ҳаётда. Бугун бир синфдошимникида ишладим. Салом бергандим, бармоғининг учини тутди. Кун бўйи қилган меҳнатимга шу китобларга етадиган пул берди. Ҳа майли, берган пули арзимас бўлиши мумкин, лекин ўғлим бу китобларни ўқиб, келажакда яхши инсон бўлса, меҳнатим учун тўланган энг қиммат ҳақ шу бўлади. Мен эришмаган орзуларга ўғлим эришса бўлгани… Суҳбатимиз ҳали ниҳоясига етмаган эди, автобус тормозланиб тўхтади ва у киши шу бекатда тушиб қолди. Унинг ортидан термулиб қолар эканман, бир пайтлар дадам ҳам туғилган кунимда чиройли муқовали китоб совға қилганлари, мен эса уни совға ўрнида кўрмаганлигим ёдимга тушди. Адашмасам, ўша китоб бугун уйимизнинг қайсидир бурчагида чанг босиб қолган. Бу воқеадан сўнг анчадан буён уйқуга кетган виждоним уйғониб қолди, чамамда. Автобус тезроқ манзилга элтса-ю, энди қадрини англаб етган совғамни тезроқ қўлимга олсам…

Рўзиқул ОЧИЛОВ

ЎзЖОКУ талабаси, Ёш ижодкорларнинг Республика Зомин семинари иштирокчиси. ижодий ишлари “Истиқлол чечаклари”, “Митти ҳикоялар: кеча ва бугун”, “Истиқбол ғунчалари” ва “Карвон қўнғироқлари” каби ёш ижодкорлар тўпламида чоп этилган.

No Comments so far

Jump into a conversation

No Comments Yet!

You can be the one to start a conversation.

Your data will be safe!Your e-mail address will not be published. Also other data will not be shared with third person.

2 × 4 =