ЎЗБЕКИСТОН ОТМЛАРИ ИЛМИЙ ЖУРНАЛЛАРНИНГ БИРИНЧИ ПЛАТФОРМАСИНИ ЯРАТАДИЛАР

24.03.2019

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январь «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2019 йил 23 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Илмфан 2020» миллий ривожланиш дастури доирасида Нидерландиянинг «Elsevier» компанияси қошидаги Digital Commons (Bepress) дастури кўмагида Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг нуфузли илмий журналлари платформасини яратиш бўйича келишув имзолади.

Лойиҳага кўра, «Elsevier» компанияси республикадаги олий таълим муассасаларининг 41 та илмий журналларини ўзида бирлаштирган ноёб платформа яратади. Бу платформада холисона тақриз тизими конфигурацияси (double-blind peer review) қўлланилади, бунда илмий мақолалар муаллифлари ҳамда тақризчилари тўрисидаги маълумотлар махфий сақланади.

Мазкур платформанинг яратилиши Ўзбекистон олимларининг илмий фаолиятини жаҳон илм-фани билан интеграциялашувига хизмат қилиб, республикамиз илм-фанини дунёга намоён қилиш имконини беради ва маҳаллий илмий нашрларнинг сифати ва рақобатбардошлигини оширади. Энг муҳими, Ўзбекистон, ҳамкорлик самарасини ошириш учун халқаро талаблар асосида сифатли платформалар яратиш орқали Марказий Осиёнинг илмий ва таълим маркази (хаб)га айланишида яна бир муҳим қадам қўйилади.

Ҳамкорлик доирасида илмий журналлар муҳаррирларини тайёрлаш, мувофиқлаштириш ва сертификатлаш ишлари олиб борилади. Нашрларнинг дизайни ва логотипи ишлаб чиқилади, ISSN талаб қилинадиган рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш амалга оширилади ҳамда халқаро талаблар даражасида илмий мақолалар рақамлашган архиви яратилади.

Маълумот учун, Digital Commons (Bepress) илмий журналлар учун электрон платформалар яратиш, шу жумладан уларни рецензиялаш бўйича барча сервис хизматларини кўрсатувчи дунёдаги етакчи компания ҳисобланади. У 1999 йилда ташкил этилган бўлиб, аввал Berkeley press компанияси (АҚШ) сифатида танилган, ҳозирда дунёнинг 1000 дан зиёд етакчи университетлари, шу жумладан АҚШнинг 90 фоиздан кўпроқ университетларига хизмат кўрсатади.

Манба: edu.uz

No Comments so far

Jump into a conversation

No Comments Yet!

You can be the one to start a conversation.

Your data will be safe!Your e-mail address will not be published. Also other data will not be shared with third person.

fifteen − 14 =