Ҳаёт тарсакиси

06.11.2019

Эркалигинг меъёрдан ошган кунларнинг бири. Ҳар тонг онангнинг “Тур, турақолгин”, дейишига қарамай, кўзинг очилмасди. Бугун эса, ҳаммадан эрта уйғондинг. Шунда ҳам ўз хоҳишинг билан эмас, яқинда жўжа очган товуқ келиб юзингни чўқигач, чўчиб уйғондинг. Кейин акаларингдан бирининг оёғини, бирининг қўлини босиб, онангнинг ёнига борасан. Елкасини туртасан: “Туринг, ойи, туринг!”.

Олти боланинг кийимларини ювиб, ором олиш учун ўринга энди бош қўйганига қарамай, у уйғонади. Ваъдасини ёдига соласан: “Мактаб формаси олгани борамиз, — дегансиз”. “Борамиз, ўғлим, борамиз”, — дейди онанг бошидаги рўмолини тузатиб.

Юз-қўлингни чала ювасан-у, кийи­нишга ошиқасан. Бирин-кетин ака-опа­ларинг ҳам уйғонади. Онанг уларга кунлик юмушларни тайинлайди: қўйларни боқиш, беда ўриш ва сигир соғиш. Улар сенга ҳавас билан қарайди-да, айтилган юмушларга киришади. Бугун ҳар куни истамай бажарадиган ишинг — жўжаларни озиқлантиришдан ҳам озодсан. Волиданг кийимларингни кийдиргач, уй тўридаги сандиқни титади. Дастур­хонга новвот, қанд-қурс ташлайди. Кейин ўз ишига шошади. Ичингдаги ҳаяжон егуликка қўл узатишга йўл бермайди. Қандларни чўнта­гингга соласан-у ташқарига отила­сан. Нимагадир урилиб, ерга йиқиласан. Уст-бошинг чанг бўлади. Қўлинг қайрилиб, бор овозда йиғлайсан. Онанг ўрнингдан турғизади. Худди у айбдордек арз қиласан: “Ёмон йиқилдим!”.

Кейин пайқайсан, у ҳам йиқилган. Ўтган йили кичик холанг олиб келган чит кўйлаги чанг. Қўлидаги бир даста пул ҳам сочилиб ётибди. Дарров йиғлашдан тўхтаб, пулларни терасан. Онанг бўлса, уч-тўрт қадам нарига учиб кетган, аллани­малар ёзилган бир парча қоғозни олади. Икки буклаб, чўнтагига солади. Қўлингдаги ғижимланган пулларни узатасан. Уларни тахлаб, ранги ўчган рўмолчасига тугади. Остона ҳатлаб кўчага чиққач, опанг­нинг овози эшитилади: “Би­ринчи навбатда дориларингизни олинг!”.

Сенга бу гапнинг дахли йўқлигини анг­лаб, йўлингда давом этасан. Бир-икки тенгқурингга: “Биз бозорга кетяпмиз. Яқинда мактабга чиқаман”, — деб мақтаниб ҳам қўясан.

Ана, бозор. Онанг дорихона томон юрганида этагидан тортиб, “Асалпахта!”, — деб бақираётган аёл томон тортқилайсан. Чўнтагингдаги қандлар энди чўт эмас. Волиданг кўнглингга қарайди. Шу кўйи бозорга кирасизлар. Энг чиройли кўйлакларга талпинасан. Онанг қулоғингга аста шивирлайди: “Жон болам, пулимиз сал камроқ-да”.

Дарров аччиқланасан. Охири кўнади. Навбат оёқ кийимга. Ўртоғинг­никидек туфлига кўзинг тушади. “Ҳу ана, уни кияман”. Сотувчи огоҳлантиради: “Нархи қимматроқ”. Онанг қолган пулларни санаб, етмаслигини сезгач, сенга қарайди. Ҳеч нарсани билмагандек тураверасан. Йиғлайсан, қўлингдаги дафтар-қаламингни ерга отасан. Онанг атрофдагилардан уялиб, кўз ёшингни артади. Бағрига босади. Кўнмайсан. Чорасиз, тарсаки туширади. Кўз ёшла­ринг тинади. Сал арзонроқ бўлса ҳам, оёқ кийим олиб беради.

Уйга қайтасан. Юзларинг қизариб, кўзларинг шишган. Эрталабки кайфиятдан асар ҳам қолмаган. Опанг хавотир билан нима бўлганини сўрайди. Онангга эшитиладиган қилиб: “Дадам бўлганла­рида, айтган нарсамни олиб берарди”, — дейсан.

Кейин бу гапни айтганинг учун пушаймон бўласан. Чунки ўша сўзлар онанг қалбини нимталаганди. Гарчи отанг ўлимида унинг заррача айби бўлмаса-да, ўша дашноминг қулоғига: “Дадамни сиз ўлдиргансиз!” — дегандек эшитилганини била­санми? Билмайсан!..

Мактабга борасан. Саводинг чиқади. Бир куни дафтарларинг орасидан бозорга кетаётиб шамолда учиб кетган, кейин онанг дарҳол олиб чўнтагига солган қоғоз чиқади. Қийналиброқ ўқийсан. Дориларнинг номлари ёзилган. Опангнинг огоҳ­лантиришига қарамай, дорини олиш онангнинг “ёдидан кўтарилганига” ўзингни ишонтирасан. Қоғозни буклаб: “Катта бўлсам, ўзим олиб бераман”, деган ниятда асраб қўясан…

Университет остонасига қадам қўяркансан, кеча олган қиммат туф­линг онанг олиб берган “арзон” туҳфаси олдида ғариб эканини сезасан. Ичингда нимадир чирт этиб узилгандек бўлади.

Талабаларни кутиб олиш маросими — катта тантана. Бошқаларнинг ота-онаси ҳам келган. Расмий очи­лиш тугагач, ҳамма фарзандлари билан андармон. Ўзингни четга тортасан. Хаёлингда давра ўртасида бошида эски рўмол, эгнида кичик холанг берган чит кўйлакда сенга таниш йиғлоқи болакай билан севиниб ўйнаётган онанг гавдаланади. Атрофдагилар хурсанд. Фақат ҳеч кимга кўринмай йиғлайсан. Болалигингда онанг юзингга тортган тарсаки (бу иши учун ўзини анчагача айбдор сезганди) кўз ёшларинг­ни тўхтатганди. Бугун ҳаёт туширган тарсаки эса, сени бутун умр йиғлатиши тайин. Дастрўмол ахтариб, чўнтагингга қўл соласан. Ўша таниш қоғоз. Ожизман! Қалбингда нималар кечаётганини ёзишга ожизман. Кечир мени, менинг “мен”им…

Рўзиқул ОЧИЛОВ

ЎзЖОКУ талабаси, Ёш ижодкорларнинг Республика Зомин семинари иштирокчиси. ижодий ишлари “Истиқлол чечаклари”, “Митти ҳикоялар: кеча ва бугун”, “Истиқбол ғунчалари” ва “Карвон қўнғироқлари” каби ёш ижодкорлар тўпламида чоп этилган.

No Comments so far

Jump into a conversation

No Comments Yet!

You can be the one to start a conversation.

Your data will be safe!Your e-mail address will not be published. Also other data will not be shared with third person.

one + 3 =